ЁШЛАР ДАФТАРИ - ИМКОНИЯТЛАР ДАФТАРИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

ЁШЛАР ДАФТАРИ - ИМКОНИЯТЛАР ДАФТАРИ

 

Давлатимиз раҳбари томонидан жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “Темир дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш вазифаси белгиланиб, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилди.


Айниқса, ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этишнинг доимий молиявий манбалари ва улардан фойдаланиш тартиби  белгилаб берилди.


Ҳазорасп туманида ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, дафтарга киритилган фуқароларга яқиндан ёрдам кўрсатилиб, қўллаб-қувватланмоқда. “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида  тумандаги ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг 15 октябрь санасида “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ёрдамга муҳтож ва бандлиги таъминланмаган оила фарзандларидан 70 нафар ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ва 6 нафар ёшларни Электрогаз пайвандчилик касбига ўқитиш ҳаражатларининг 75 фоизигача бўлган қисми яъни 146 миллион 934 минг сўм маблағ қоплаб берилди.


Шунингдек, бугун туман ҳокими Ўктам Машарипов томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларнинг 7 нафарининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилишида амалий ёрдам сўраган 5 нафар ёшларга  ўзини ўзи банд қилиш мақсадида жами қиймати 19 миллион 700 сўм бўлган 5 та тикув машиналари ва 15 нафар ёшларга жами қиймати 56 миллион  320 минг сўм миқдордаги 35 та асбоб- ускуналари ва спорт жиҳозлари берилди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 июлдаги 450-сонли қарорига асосан «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандларининг, шунингдек, «Ёшлар дафтарига» киритилган ёшларнинг мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олиш бўйича тўлов-контракт суммасининг бир қисмини тўлаб бериш тартиби белгиланган бўлиб, шунган кўра Ёшлар жамғармаси васийлик кенгашига ёзма мурожаат қилган 6 нафар талабаларнинг 25 миллион 300 минг сўм бўлган тўлов контракт пуллари қоплаб берилди.



Яратилаётган бу каби имкониятлар учун, муаммоларнинг ечим топаётганлиги ва  орзу-истаклари рўёбга чиқаётганлиги учун ёшлар Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

  Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.