ҲАЗОРАСП ТУМАНИ ҲОКИМИ ЎКТАМ МАШАРИПОВНИНГ 2022 ЙИЛ РЕЖАЛАРИ ҲАҚИДА БЕРГАН ИНТЕРВЬЮСИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Бугунги кун ўзининг мазмун-моҳияти билан барчамиз учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки,  ўтган йил давомида Ҳурматли Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган улуғвор вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича  2022 йил учун вазифаларни белгилаб олганмиз.

Барчамизга яхши аёнки, мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда. Одамларни ҳаётдан рози қилиш деган эзгу мақсад ҳам ана шу ғояни ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилади аслида.

Уйма-уй юриш, одамларнинг дард-у ташвишларини эшитиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятимизнинг бош мазмунига айланганлиги ҳам   инсонпарвар сиёсатнинг натижасидир. Тан олиб айтишимиз керакки, муаммоларни бирданига ҳал қилишнинг ҳам имкони йўқ. Бироқ, бугун ушбу муаммолар билан тизимли ва манзилли ишлашнинг механизми яратилди, бу бизнинг кундалик фаолиятимизга айланди. Халқимиз билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини тинглаш  бизнинг ҳам ўз иш услубимизни белгилаб олишда асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Олдимизда қўйган мақсад ва вазифаларни режаларни бажариш борасида олиб бораётган ишларимиз ҳам ҳалқ фаровонлиги йўлидадир.

Масалан, ўтган 2021 йил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 301,2 млрд. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 100,6 фоизни, аҳоли жон бошига 1518,1 минг сўмни, қурилиш ишлари 190,7 млрд. сўмни, чакана савдо айланмаси 966,3 млрд. сўмни, ўсиш суръати 116,1 фоизни, аҳоли жон бошига 4927,5 минг сўмни ташкил этган бўлса жорий йилда ушбу кўрсаткични янада оширамиз.

 Шунингдек, “Хоразм вилоятида 2020-2022 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 74қ-сонли  қарорларини  ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2022 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 3,8 трлн. сўм бўлган 187 та истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилган. Ушбу манзилли рўйхатга асосан тумандан умумий қиймати 842.1 млрд. сўм бўлган 156 та лойиҳалар киритилди ва 1330 та янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинди. Жумладан: Саноат соҳаси - умумий қиймати 277,1 млрд. сўм бўлган 23 та лойиҳа 152 та иш ўрни. Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича - умумий қиймати 162,2 млрд. сўм бўлган 62 та лойиҳа 454 та иш ўрни. Қишлоқ хўжалиги - умумий қиймати 396,4 млрд. сўм бўлган  71 та лойиҳа 724 та иш ўрни яратилади.

 

Шунингдек, бугунги кунда Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиниши тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун катта шарт- шароит яратиб келмоқда.

Туманимизда ҳам бу борада катта ишлар олиб борилмоқда биргина мисол “Ферузбек Бехрузбек Сервис” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 3,5 млрд. сўмлик тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб 15 та янги иш ўринлари ташкил қилинди. Бундан ташқари жорий йилда Малайзия давлати инвесторлари томонидан “Hazorasp Chlor Alkali” МЧЖ ХК лойиҳа қиймати 250 млн. АҚШ долларлик каустик сода ва суюқ хлор ишлаб чиқаришни ташкил қилиб 170 та янгидан иш ўринлари очиш режалаштирилган.

 Пичоқчи қишлоғи “Зиёлилар” маҳалласи худудидан кичик саноат зонаси учун 4 га ер майдони 33 та лотларга 21 тадбиркорлар Аукцисон савдоси орқали сотиб олган ҳолда қурилиш ишларини бошлаган, ҳозирда электр энергия, табиий газ ва ичимлик суви, канализация тармоқларини қуриш ишлари давом этмоқда. Ушбу ҳудуда ҳам кейинги йилларда йирик-йирик ишлаб чиқариш корхоналари 1000 тадан ортиқ янги иш ўринлари ташкил қилинади. Алоқали-кўл маҳалласи ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонаси учун 15 га ер майдони ажратилиб 67 та лотларга ажратилган ва ҳозирда 1 та йирик корҳона қурилиш ишларини якунлаш арфасида ва  30 та янгидан иш ўрин яратилиши кутилмоқда. Ушбу маҳаллада яна бир Ёшлар кичик саноат зонаси ташкил этилиб  44 та лотларга ажратилган ва ҳозирда 12 та тадбиркорлар Аукцион савдоси орқали ерларини сотиб олиши натижасида 6,2 млрд.сўм қийматга эга бўлган саноат лойиҳалари 2022 йилда ишга туширилиб 153 та янгидан иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Ҳозирда электр энергия, табиий газ ва ичимлик суви, канализация тармоқларини қуриш ишлари давом этмоқда.

 “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича 2022 йилда 700 тадан ортиқ йигит-қизлар касбга ўқитилиши режалаштирилган.

 “Темир дафтар”га 2021 йилда 2434 та оила (оила аъзолари 10164 нафар) киритилган бўлса, ушбу оилаларни иш билан бандлигини таъминлаган ҳолда 2079 та оила яъни 85,4 фоизи “Темир дафтар”дан чиқарилди. Бандлиги таъминланган 208 та оилаларни ҳам “Темир дафтар”дан чиқариш чоралари кўрилди ва “Темир дафтар”да ўртача 147 та 6 фоиз камбағал оилалар қолди.

 Туманимиз спортчилари 2021 йил давомида Ўзбекистон чемпионати ва кубог мусобақаларида 7 та олтин 6 та кумуш ва 23 та бронза жами 36 та медаларни қўлга киритди. Спортчиларимизга шароитларни мукаммал яратиш мақсадида 2022-2026 йил инвестиция дастури доирасида Ҳазорасп тумани 1-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби Пичоқчи филиали спорт иншооти янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 1-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Бунинг натижасида уларда 920 нафардан ортиқ ёшларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун қўшимча  имкониятлар яратилади.

Автомобил йўллари бўйича ҳам катта кўламли ишлар олиб борилмоқда ўтган йили 20,0 км ички автомобиль йўллари таъмирланди. Бу каби ишларни жорий йилда ҳам давом қилдирамиз.

 Албатта, биз  туман иқтисодиётини янада ривожлантириш бўйича ҳали ишлатилмаган имкониятлармиз мавжуд. Ҳозирда енгил саноат соҳасида ип-калава, ипак толаси ва ипак газламаларининг жаҳон бозорларида юқори нархларда баҳоланаётганлигини инобатга олиб, туманда тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади. Бугунги кунда дунё бозорига рақобатбардош маҳсулотлар билан кириб бориш учун ҳар кун, ҳар бир дақиқа ғанимат.

Шу боисдан,  тумандаги одамлар турмушини сезиларли даражада яхшилаш, туманни жадал ривожлантиришимиз учун, бир-биримизга елкадош бўлган ҳолда фаол ишлашимиз шарт!

Ўтган 2021 йилда эришган ижобий натижаларимиз олдимизда турган улуғвор мақсадлар йўлидаги илк қадамларимиздир. Мана шундай саъй-ҳаракатларимиз туфайли Республикадаги барча шаҳар ва туманлар бўйича ишлаб чиқилган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг тизимига кўра туманимиз яшил ҳудуд сифатида эътироф этиб келинганлиги ҳам биз учун жуда катта рағбатдир. Жорий йилда ушбу кўрсаткични барқарор ривожлантириш масаласи бизга янада улкан масъулият юклайди.

Ҳали олдимизда ўз ечимини кутаётган муаммолар,  масалалар кўп, албатта. Зеро, ривожланиш шундай бир довонки, ундан босқичма-босқич ўтилади. Ҳаёт давом этар экан, муаммо-ю ташвишлар бўлиши ҳам табиий. Тараққиёт эса тўхтамайди. Бугун шиддат билан ривожланаётган даврда халқимизни қийнаётган масалаларга тезроқ ечим топиш, Ҳурматли Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганларидек, одамларнинг ҳаётдан рози бўлишларига эришиш – бош мақсадимиздир. Бу борада сизлар билан баҳамжиҳат, жипслашиб меҳнат қилсак, албатта, бизга билдирилган юксак ишончни оқлаган бўламиз.

 Сўзим сўнгида шуни айтмоқчиманки, бугунги очиқлик шароити фуқароларимизнинг ҳам ижтимоий фаоллигини оширмоқда. Агар бундан бир неча йиллар олдин улар дардини кимга айтишни билмай, турли идоралар олдида навбат кутиб, муаммолари бартараф бўлмаганидан ҳафсаласи пир бўлиб, ўзи билан ўзи овора ҳолатда қолиб кетган бўлса, бугун улар очиқдан-очиқ ўз муаммоларини баён этиш имконига эга бўлмоқдалар.  

 Мен ҳар сафар Ҳурматли Юртбошимизнинг “Бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги одамларимиз ҳам кечаги одамлар эмас”, деган гапларини эслаганимда, ундаги чуқур ҳаётий фалсафани ҳис қиламан. Шу фалсафа бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга, изланишга, муаммолар ечимини топишнинг самарали йўлларини топишга ундайди. Бунинг пировард натижаси эса - одамларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришишдир.