"МАҲАЛЛАБАЙ" ИШЛАШ ТИЗИМИ АМАЛДА ёҳуд маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, дея таъкидлаб ўтган эдилар.
Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир.

Шу боис ҳам юртимизда маҳалла институтини янада ривожлантириш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, маънавият бешиги сифатидаги нуфузини оширишга катта эътибор берилиб келинмоқда ва бу борада бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Белгиланган вазифа ва топшириқлар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда ва маҳаллаларда бўлиб, “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича ўрганишлар олиб бормоқдалар.

Жумладан, куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари, Хоразм вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва Ҳазорасп тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари ҳамкорлигида Ҳазорасп ва Тупроққалъа туманидаги маҳаллаларда бўлиб, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойили асосида олиб борилаётган ишларни ўргандилар.

Шунингдек, 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф экани, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётгани ва ҳозирги замонда маънавий нуқтайи назардан «ухлаб ётиш»га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, барча фожиа ва муаммолар, ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланишини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.
Албатта, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини, шунингдек миллий ва маънавий қадриятларимизни тарғиб этишда маҳалла фаоллари, айниқса, нуронийларимиз алоҳида ўрин тутади.

Шу мақсадда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари Ҳазорасп ва Тупроққалъа туманларидаги маҳаллаларда ташкил қилинган “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзоларининг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда кенг фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини таъминлаш бўйича тушунтириш ишларини олиб бордилар. Шунингдек, маҳаллаларда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш борасида бажарилаётган ишлар ва “Аёллар маслаҳат кенгаши” фаолиятини ҳам ўрганиб, масъул ходимларга тегишли топшириқ ва тавсиялар бердилар.
Дарҳақиқат, бугун маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, барчамиз маҳаллада яшаймиз, маҳалла муҳитида катта бўламиз, демакки, ҳар биримиз ҳаётимизда учраётган айрим камчилик ва муаммоларни биргаликда ҳал қилсак, салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган имконият ва ҳаракатларимизни бирлаштирсак, маҳалламиз ва юртимиз тинч, турмушимиз эса янада фаровон бўлади.

Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.